in

Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон — “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (1 одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланди.

Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.

Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланди:

2026 йил 1 февралдан: аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади;

давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;

транспортларда (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали “Mutolaa” платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.

Умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этилади: клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади, мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади ва ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.

Қарорга кўра, барча вазирлик ва идораларда:

2026 йил 1 мартга қадар тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади;

ҳар йили камида 3 тадан касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиб, малакали мутахассислар иштирокида уларни изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти жорий этилади;

2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади;

китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади;

танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.

Шунингдек, энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.