in

Ўзбекистон МОҚ спортни ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш механизмларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Иқтисодиёт ва молия ҳамда Спорт вазирликлари, шунингдек, МОҚ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбар ва мутасаддилари иштирокида спорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш каби масалаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда спорт соҳасини барқарор ривожлантириш, молиявий ресурслардан самарали фойдаланишда хусусий секторни жалб этиш, ҳомийлик кўмакларини кўрсатиш ташаббусида бўлган тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга турли имтиёзлар бериш, ташаббускор тадбиркорларни спорт федерацияларнинг ижроқўм аъзолига сайлаш каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида 2026 йилда федерация ва ассоциациялар фаолиятини, шунингдек, миллий терма жамоаларимизни молиялаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Томонлар спортчиларнинг тайёргарлик жараёнини янада такомиллаштириш, халқаро мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидладилар.

Якунда спорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш орқали замонавий менежмент ва рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда спорт соҳасига ажратиладиган маблағларнинг манзилли ва шаффоф йўналтирилишини таъминлаш, вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.