in

Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — 12 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда шунингдек, икки мамлакат энергетика компаниялари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ташаббуслари билан йўлга қўйилган икки томонлама ҳамкорлик бугунги кунда барча йўналишларда, хусусан, энергетика соҳасида ҳам изчил ва самарали ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар энергетика тизимлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш, электр тармоқларини ривожлантириш ва электр энергияси алмашинуви ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, “Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайта уланиш” лойиҳаси доирасидаги техник масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида ўзаро қардошлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.