in

Ўзбекистон ва Арманистон транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ва Арманистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Георгий Кочарян ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида икки давлат ўртасида автомобиль ва темир йўл ташувларини фаоллаштириш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ҳамда ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Хусусан, халқаро автомобиль ташувлари тўғрисидаги икки томонлама Битимни имзолаш жараёнларини жадаллаштириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг «Шимол–Жануб» халқаро транспорт коридорига қўшилиши масаласи юзасидан фикр алмашилди. Ушбу ташаббус минтақада транспорт боғлиқлигини кучайтириш, янги логистика йўналишларини шакллантириш ва транзит имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, мунтазам мулоқотни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.