in

Ўзбекистон Корея Республикаси билан иқтисодиёт ва молия соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 6 март куни Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Жу Хюнсу, иқтисодиёт бўйича мутахассис Жису Ким, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси Абдулазиз Хайдаров ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги йўналишлар билан бойитиш, иқтисодиёт ва молия тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этишда ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, сунъий интеллект йўналишида Корея Республикасидан малакали экспертни жалб қилиш ҳамда рақамли ечимлар асосида молиявий бошқарув тизимини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Муҳокамалар давомида ғазначилик йўналишидаги ҳамкорлик, жумладан, Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал ахборот хизмати (Фиссал Информатион Сервисе) экспертлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда Корея Республикасининг илғор тажрибасини ўрганиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, учрашувда томонлар мамлакатимизда кузатилаётган барқарор демографик жараёнлардан самарали фойдаланиш, жумладан, “Демографик дивиденд” имкониятларидан тўлиқ ва унумли фойдаланишни таъминлаш, меҳнат бозори кўрсаткичларини халқаро стандартлар асосида баҳолаш ҳамда аҳоли турмуш даражаси прогнозларини такомиллаштириш юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Хусусан, ушбу йўналишда қуйидаги масалаларда ҳамкорликни ривожлантиришга урғу берилди.

Демографик прогнозлар оқибатида ижтимоий ва инфратузилма объектларига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш услубиётини ишлаб чиқиш;

Демографик дивиденд методологиясини ишлаб чиқишда Корея Республикаси тажрибасидан фойдаланиш ва амалиётга жорий қилиш;

Аҳоли даромадлари методологиясини такомиллаштириш.

Томонлар ушбу ҳамкорлик давлат молиясини бошқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Музокаралар якунида томонлар икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт ва молия соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспертлар даражасида мулоқотларни давом эттириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш борасида келишиб олди.