in

Психиатрия ва наркология таълими икки йиллик бўлади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Аҳолига наркологик ва психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини трансформация қилиш чоралари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини тақдим этди. Унда наркология, психиатрия ва тиббий психология ихтисосликлари бўйича магистратура ва клиник ординатура/резидентурада ўқиш муддатини икки йил этиб белгилаш кўзда тутилган.

Янги тартибни 2026–2027 ўқув йилидан жорий этиш режалаштирилмоқда.

Таълим жараёни доирасида психиатрия ихтисослигини битирувчи курс магистрлари ва клиник ординатор/резидентларига ўқиш даврида психиатрия ва наркология муассасаларида психиатр ва нарколог шифокорлари лавозимларида ҳамда тез тиббий ёрдам психиатрик бригадасида фельдшер лавозимларида ўриндошлик асосида ишлашлари мумкин бўлади.

Психиатрия мутахассислари катталар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, психоневролог ва суицидолог сифатида ишлаш имкониятига эга бўлади, наркологлар эса махсуслаштирилган наркологик ёрдам хизматларида фаолият юритадилар.

Бундан ташқари, «Тез психиатрия ёрдами» ихтисослиги бўйича курсларни тамомлаган битирувчилар тез ёрдам хизматларида психиатр сифатида ишлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

2030 йил якунига қадар руҳий саломатлик хизматига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб мутахассисларини магистратура ва клиник ординатура/резидентура босқичида тайёрлашда тўлиқ давлат грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Олис ҳудудларда наркологлар, психиатрлар, тиббий психологлар, психотерапевтлар ва тез ёрдам психиатрия бригадалари ходимларининг асосий ижара тўлови маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан ошмаган ҳолда қопланади.

2027 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда, шунингдек психиатрия ва наркология муассасаларида фаолият юритаётган психиатрлар, болалар психоневрологлари, тиббий психологлар, наркологлар, психотерапевтлар ва суицидологлар учун ноқулай шароитларда ишлагани учун лавозим маошлари 100 фоизга оширилиши назарда тутилган.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатда психиатрия ва наркология ёрдами тизимини мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда барча ҳудудларда профиль тиббий ёрдамнинг кенгроқ имкониятларини таъминлашга қаратилган.