Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон молия секторида микромолиявий ташкилотлар (ММТ)нинг роли анъанавий кредитлаш доирасидан чиқиб, капитал бозоридаги фаоллиги сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий депозитарий маълум қилди.
2026 йил февраль ойи охири ҳолатига кўра, ММТ секторида умумий номинал қиймати 431 млрд сўм бўлган 21 та корпоратив облигациялар чиқарилиши рўйхатдан ўтган.
Ушбу қимматли қоғозлар эгалари сони жами 3 258 нафар инвесторни ташкил этади. Улардан 3 190 нафари ёки қарийб 98 фоизи жисмоний шахслар бўлиб, бу аҳолининг молия бозори инструментларига бўлган ишончи юқори эканини кўрсатади.
Жойлаштирилган облигациялар ҳажми бўйича «Agat Credit» акциядорлик жамияти етакчилик қилмоқда. Компания тўртта эмиссия доирасида 150 млрд сўм маблағ жалб қилган ва инвесторлар сони бўйича ҳам энг юқори кўрсаткичга эга — 1 885 нафар облигация эгалари.
Капитал бозорида фаол иштирок этаётган ташкилотлар қаторида «Biznes Finans» микромолиявий ташкилоти ҳам бор. У тўртта чиқарилиш орқали 85 млрд сўм маблағ жалб қилган. Шунингдек, «Hamroh» микромолиявий ташкилоти учта облигациялар чиқарилиши орқали 65 млрд сўм маблағ жойлаштирган.
Уларнинг иштирок этиши Ўзбекистон молия бозори ривожида микромолиявий ташкилотлар роли тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
