Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистондаги кредит муассасалари жами 9,5 триллион сўмлик факторинг хизматларини кўрсатган.
Ушбу хизматларнинг 8,8 трлн сўми ёки 93 фоизи тижорат банклари ва 699 млрд сўми ёки 7 фоизи микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган.
Бунда, кўрсатилган факторинг хизматларининг 4,4 трлн сўми ёки 46 фоизи рақамли факторинг хизматлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу факторинг хизматларининг 2,5 трлн сўми (58 фоиз) «Озпланет» электрон факторинг платформаси, 1,8 трлн сўми (42 фоиз) «Финмакон» электрон факторинг платформаси орқали амалга оширилган.
Бизнес вакилларининг айланма маблағларга бўлган эҳтиёжларини факторинг хизмати орқали молиявий таъминлашнинг ортиши натижасида 2024 йилда факторинг хизматлари бўйича энг юқори кўрсаткич декабрь ойида 630 млрд сўмни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич 2025 йил декабрь ойида икки баробар ўсиб, 1,2 трлн сўмга етди.
2025 йил давомида тадбиркорлик субъектларига давлат улуши мавжуд тижорат банклари томонидан жами 5 трлн сўм (56 фоиз), хусусий банклар томонидан жами 3,8 трлн сўм (44 фоиз) миқдоридаги факторинг хизматлари тақдим қилинган.
Хусусан, давлат улуши мавжуд тижорат банкларида энг кўп факторинг операциялари Асака банк (1,5 трлн сўм шундан, электрон платформа орқали 508 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (921 млрд сўм, 801 млрд сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (761 млрд сўм, 720 млрд сўм) томонидан кўрсатилган.
Шунингдек, хусусий банклар орасида Капиталбанк – 1,3 трлн сўм (31 млрд сўм), Ҳамкорбанк – 909 млрд сўм (246 млрд сўм) ва Ациа Аллиансе банк – 354 млрд сўм (194 млрд сўм) билан факторинг хизматларини кўрсатишда етакчилик қилган.
Шу билан бирга, микромолия ташкилотлари томонидан ушбу даврда жами 699 млрд сўмлик дебиторлик қарздорликлар молиялаштирилган.
Бугунги кунда, тижорат банкларининг қисқа муддатли молиялаштириш хизматларида факторинг хизматларини альтернатив ечим сифатида кенг кўламда оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.
Натижада, 2024 йилнинг ИИ ярим йиллигида кўрсатилган факторинг хизматларининг қисқа муддатли молиялаштиришга нисбати 1 фоиздан (июль) 6,1 фоизга (декабрь) ошган бўлса, 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида ушбу кўрсаткич 4,5 фоиздан 11,1 фоизга етди.
Ҳудудлар кесимида 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида кўрсатилган факторинг хизматларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (4,1 трлн сўм ёки 43,3 фоиз), Андижон вилояти (1,9 трлн сўм ёки 20,4 фоиз), Тошкент вилояти (859 млрд сўм ёки 9,1 фоиз) ва Фарғона вилоятига (543 млрд сўм ёки 5,7 фоиз) тўғри келган бўлса, Сурхондарё вилояти (67 млрд сўм ёки 0,7 фоиз), Сирдарё вилояти (47 млрд сўм ёки 0,5 фоиз) ва Жиззах вилоятида (45 млрд сўм ёки 0,5 фоиз) энг паст кўрсаткич қайд этилган.
Мижозларнинг ташкилий шакли бўйича кўрсатилган факторинг хизматлари тақсимотида энг юқори улуш масъулияти чекланган жамиятларга тўғри келиб, уларга 6,2 трлн сўм ёки жами хизматларнинг 65,4 фоиз миқдорида факторинг хизматлари кўрсатилган бўлиб, акциядорлик жамиятларига 1,8 трлн сўм ёки 19 фоиз миқдорида факторинг хизматлари кўрсатилган.
Шунингдек, чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг 1,3 трлн сўмлик (13,3 фоиз) ҳамда хусусий, оилавий корхоналар ва фермер хўжаликларининг 218 млрд сўмлик (2,3 фоиз) дебиторлик қарзлари факторинг хизматлари орқали молиялаштирилган.
Жами факторинг хизматларининг 246 млрд сўми ёки 3 фоизи йиллик айланма маблағлари 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектларига (микромолия ташкилотлари 218 млрд сўм, тижорат банклари 28 млрд сўм), 556 млрд сўми ёки 6 фоизи айланмаси 1 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлган тадбиркорларга, 1,7 трлн сўми ёки 18 фоизи айланмаси 10 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача бўлган тадбиркорларга ва 7 трлн сўми ёки 73 фоизи айланмаси 100 млрд сўмдан ортиқ бўлган тадбиркорларга кўрсатилган.
Муддатлар қирқимида 30 кунгача факторинг хизматлари жами факторинг хизматларининг 23 фоизини (2,2 трлн сўм), 31 кундан 60 кунгача – 21 фоизини (1,9 трлн сўм), 61 кундан 90 кунгача – 38 фоизини (3,6 трлн сўм), 91 кундан 120 кунгача – 8 фоизини (0,7 трлн сўм) ҳамда 121 кундан 180 кунгача – 10 фоизини (1 трлн сўм) ташкил қилган.
Миқдорлар бўйича 100 млн сўмгача факторинг хизматлари жами факторинг хизматларининг 1 фоизини (0,08 трлн сўм), 100 млн сўмдан 500 млн сўмгача 8 фоизини (0,7 трлн сўм), 500 млн сўмдан 1 млрд сўмгача 6 фоизини (0,5 трлн сўм), 1 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача 35 фоизини (3,3 трлн сўм) ҳамда 5 млрд сўмдан юқори бўлган факторинг хизматлари 50 фоизини (4,8 трлн сўм) ташкил қилган.
Иқтисодиёт тармоқлари кесимида факторинг хизматларининг асосий қисми саноат соҳасига йўналтирилиб, 4,5 трлн сўм ёки жами ҳажмнинг 48 фоизини ташкил этган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига 4,1 трлн сўм ёки 44 фоиз йўналтирилган.
Шунингдек, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги секторларида мос равишда 391 млрд сўмлик (4 фоиз) ва 409 млрд сўмлик (4 фоиз) дебиторлик қарздорликлар молиялаштирилган.
2025 йилда тижорат банклари томонидан 642 млрд сўм эквивалентидаги (жамига нисбатан 7%) регресс ҳуқуқи билан халқаро факторинг хизмати кўрсатилди.
Халқаро факторинг операцияларида банклар бўйича энг юқори ҳажм Асакабанк (29,9 млн доллар ёки 56 фоиз), Микрокредитбанк (7,2 млн доллар ёки 14 фоиз), Бизнесни ривожлантириш банки (7,4 млн доллар ёки 14 фоиз) томонидан кўрсатилган. Шунингдек, Ўзмиллийбанк 4,4 млн доллар (9 фоиз), Турон банк 2,4 млн доллар (5 фоиз), Ипак йўли банки 1,2 млн доллар, 122 минг эвро ва 9,9 млн рубль (3 фоиз) миқдоридаги халқаро факторинг операцияларини амалга оширган.
Мижозларнинг ташкилий шакли бўйича кўрсатилган халқаро факторинг хизматларининг тақсимотида энг юқори улуш масъулияти чекланган жамиятларга (600 млрд сўм ёки 93,5 фоиз) тўғри келган бўлса, кейинги ўринларда хусусий, оилавий корхона ва фермер хўжаликларининг 37 млрд сўмлик (5,8 фоиз) ва чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг 4 млрд сўмлик (0,6 фоиз) дебиторлик қарзлари факторинг хизматлари орқали молиялаштирилган.
Муддатлар қирқимида 30 кунгача халқаро факторинг хизматлари жами халқаро факторинг хизматларининг 40 фоизини (258 млрд сўм) 31 кундан 60 кунгача – 9 фоизини (55 млрд сўм), 61 кундан 90 кунгача – 26 фоизини (166 млрд сўм), 91 кундан 120 кунгача – 9 фоизини (58 млрд сўм) ҳамда 121 кундан 180 кунгача – 16 фоизини (105 млрд сўм) ташкил қилган.
Миқдорлар бўйича 500 млн сўмгача халқаро факторинг хизматлари жами халқаро факторинг хизматларининг 2 фоизини (11 млрд сўм), 500 млн сўмдан 1 млрд сўмгача 3 фоизини (17 млрд сўм), 1 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача 20 фоизини (126 млрд сўм), 5 млрд сўмдан юқори бўлган факторинг хизматлари 76 фоизини (488 млрд сўм) ташкил қилган.
Иқтисодиёт тармоқлари бўйича халқаро факторинг хизматларининг асосий қисми савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтирилиб, 418 млрд сўм ёки жами ҳажмнинг 65 фоизини ташкил этган. Саноат тармоғига 206 млрд сўм ёки 32 фоиз маблағлар йўналтирилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги секторларида 18 млрд сўмлик (3 фоиз) дебиторлик қарздорликлари молиялаштирилди.
Халқаро факторинг хизматларининг асосий қисми Тожикистон (251,4 млрд сўм ёки 39 фоиз) ва Россия (216,3 млрд сўм ёки 33,7 фоиз) давлатларига амалга оширилган экспорт операциялари бўйича юзага келган дебиторлик қарздорликларини молиялаштириш учун йўналтирилган.
Шунингдек, халқаро факторинг хизматларининг қолган қисми Қозоғистон (66 млрд сўмлик ёки 10,3 фоизи), Қирғизистон (63,5 млрд сўм ёки 9,9 фоизи), Беларус (12,4 млрд сўм ёки 1,9 фоизи), Полша (11,5 млрд сўм ёки 1,8 фоизи), БАА (10,9 млрд сўм ёки 1,7 фоизи), Буюк Британия (6,6 млрд сўм ёки 1 фоизи) , АҚШ (1,3 млрд сўм ёки 0,2 фоизи), Италия (1,2 млрд сўм ёки 0,2 фоизи) ва Швейцария (0,5 млрд сўм ёки 0,1 фоизи) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.
Тижорат банклари томонидан маҳаллий ва халқаро факторинг хизмати бўйича банк маҳсулотлари ишлаб чиқилган бўлиб, факторинг хизмат турларининг муддатларидан (180 кунгача) келиб чиққан ҳолда дисконт ставкалари белгиланган.
