Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси креатив иқтисодиёт соҳасини тизимли ривожлантириш, ижодкорлар ва креатив тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада инновацион фаолиятни рағбатлантиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасида креатив иқтисодиёт субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, улар учун қулай ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва креатив иқтисодиёт парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган бевосита креатив иқтисодиёт соҳалари билан боғлиқ бўлган лойиҳалар сифатини ошириш ҳамда чет эллик контрагентларни жалб қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар бериш таклиф этиляпти.
Бундан ташқари, лойиҳада соҳа жозибадорлигини ва ундаги иштирокчилар сонини ошириш учун янги ташкил этилган креатив иқтисодиёт субъектларини резидентликка қабул қилишда енгилликларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ўтказилаётган маданий тадбирларни юқори савияда ташкил этилишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
