Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 30 март куни Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо ва кузатувчи давлатлар космик агентликлари ҳамда ваколатли идоралари раҳбарларининг навбатдаги — 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув “Space Technology Conference – 2026” халқаро анжумани доирасида ташкил этилиб, космик технологиялар соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилди.
Бугунги кунда глобал космик иқтисодиёт ҳажми 500 миллиард АҚШ долларидан ошгани, 2030 йилга бориб эса 1 триллион долларга етиши прогноз қилинаётгани фонида ТДТ мамлакатлари учун космик технологияларни ривожлантириш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Аъзо давлатлар умумий ҳисобда 170 миллиондан ортиқ аҳоли ва кенг географик ҳудудни қамраб олган бўлиб, бу эса космик хизматлар — хусусан, Ер кузатуви, алоқа ва навигация технологияларини ривожлантириш учун катта бозор ва имкониятлар яратади.
Йиғилишда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон давлатларининг космик соҳа раҳбарлари, шунингдек, кузатувчи давлатлар — Венгрия ва Туркманистон, ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида сўнгги йилларда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама этилди.
Хусусан, ТДТ доирасида амалга оширилаётган қўшма ташаббуслардан бири — технологик сунъий йўлдошни яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур лойиҳа орқали аъзо давлатлар ўртасида технологик трансферни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, кун тартибига қуйидаги устувор масалалар киритилди: Ер кузатуви сунъий йўлдошлари маълумотларидан қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва экологик мониторингда кенг фойдаланиш, фавқулодда вазиятларни эрта аниқлаш ва уларнинг оқибатларини камайтиришда космик технологияларни жорий этиш, геоинформацион тизимлар (ГИС) ва катта маълумотлар (Биг Дата) асосида таҳлилий платформаларни ривожлантириш, космик саноатда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш.
Сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари космик соҳада муҳим натижаларга эришди. Жумладан, Туркия ва Қозоғистон томонидан Ер кузатуви сунъий йўлдошлари орбитага чиқарилди, Озарбайжон телекоммуникация йўлдошлари орқали халқаро хизматлар кўрсатиб келмоқда, Ўзбекистонда эса космик мониторинг асосида ер ва сув ресурсларини бошқариш, экология, геология ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур 5-йиғилиш ТДТ доирасида космик сиёсатни мувофиқлаштириш, қўшма инфратузилмаларни шакллантириш ва минтақавий космик экотизимни яратиш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
У нафақат сиёсий мулоқот платформаси, балки аниқ амалий лойиҳаларни шакллантириш ва илгари суриш учун самарали механизм вазифасини бажаради.
Тошкентда ўтказилган ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг космик соҳадаги фаол халқаро позициясини мустаҳкамлаш, инновацион ривожланиш стратегиясини илгари суриш ҳамда мамлакатни минтақавий технологик марказ сифатида намоён этиш имконини беради.
