Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 17-24 апрель кунлари Тошкент шаҳар, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг туристик манзиллари ва диққатга сазовор жойлари бўйлаб чет эл туристик компания вакиллари учун инфо-тур ташкил қилинмоқда.
Мазкур инфо-турда Европа ва Осиёнинг 20 давлатларидан, жумладан, Франция, Италия, Норвегия, Швейцария, Бельгия, Туркия, Босния ва Герцеговина, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ҳамда Хитойдан ташриф буюрган нуфузли хорижий туристик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда. Ушбу ташриф мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Дастур доирасида меҳмонлар 18 апрель куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, юртимизнинг кўп асрлик бой тарихий-маданий мероси, буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий мероси ҳамда ноёб қўлёзмалар, экспонатлар ва замонавий экспозициялар билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида меҳмонлар томонидан марказнинг инновацион ёндашувлари, интерактив тақдимотлари ва илмий-маърифий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, юртимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳоладилар.
Шунингдек, инфо-тур давомида иштирокчилар Тошкент шаҳрининг асосий диққатга сазовор масканларига ташриф буюриб, замонавий инфратузилма, тарихий обидалар ва миллий маданият намуналари билан яқиндан танишдилар.
Мазкур инфо-тур хорижий туркомпаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг, хусусан, Қорақалпоғистоннинг туризм имкониятларини халқаро бозорда фаол тарғиб этишга хизмат қилади.
