Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 29 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамда Туркиянинг “TARSIM” суғурта жамғармаси масъул бошқарувчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Туркиянинг Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Агросуғурта ва табиий офатлар департаменти бошлиғи, “TARSIM” суғурта жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Камил Ўздемир, Ўзбекистондаги Туркия элчисининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Бурҳан Демирок ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2025 йил апрель ойида “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Шунингдек, ноябрь ойида соҳа бошқаруви учун масъул янги институт – Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилган.
Учрашув давомида иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда суғурта тизимининг рискка асосланган барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида асосий эътибор қуйидагиларга қаратилди:
– қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича соҳа ходимларининг малакасини ошириш;
– суғурталаш жараёнининг барча босқичларида (масалан, аризаларни қабул қилиш, етказилган зарарларни баҳолаш, суғурта тўловларини амалга ошириш) юқори самарадорликни таъминлаш.
Туркия томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзбекистонлик мутахассислар учун “TARSIM” жамғармаси ҳузурида малака ошириш курсларини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни тизимли давом эттириш ва кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қўшма “Йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олди.
