Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил январь–март ойларида Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,2%га ошиб, 35,1 трлн сўмга етди. Бу ҳақда республика Марказий банки маълумотларида қайд этилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида умумий ҳисобда мамлакат иқтисодиётига барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 89,9 трлн сўм кредит маблағлари йўналтирилди, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 9,1%га кўпдир.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари доирасида ажратилган кредитлар ҳажми 7 992 млрд сўмни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 11%га ошди. Маблағларнинг катта қисми «Маҳалла» лойиҳасига тўғри келиб, унинг доирасида 4 260 млрд сўм ажратилди, бу ўтган йилга нисбатан 36%га кўпдир.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури бўйича 1 331 млрд сўм кредит ажратилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12%га юқори. Ушбу маблағлар амалда фаолият юритаётган корхоналарни ривожлантириш ва кенгайтиришга йўналтирилган.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1 253 млрд сўм, «Бизнесга биринчи қадам» ташаббуси бўйича эса, янги тадбиркорларга 1 149 млрд сўм кредитлар ажратилди.
Келтирилган кўрсаткичлар тадбиркорларнинг молиявий ресурсларга бўлган имкониятлари кенгайиб бораётганини ва давлат томонидан бизнесни қўллаб-қувватлаш кўлами ортиб бораётганини, жумладан, маҳалла механизмлари ҳамда оилавий ва кичик бизнесни ривожлантириш дастурлари орқали амалга оширилаётганини акс эттиради.
