Тошкент, Ўзбекистон — Беларус Республикасининг Гомел вилояти ижроия қўмитасида Фарғона вилояти делегацияси вакиллари учун учрашув ташкил этилди. Унда вилоятимиздан ташриф буюрган 40 нафарга яқин тадбиркор ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов ҳамда Гомел вилояти ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Петрожиский бошчилигидаги икки томон масъуллари иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Гомел вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиш имкониятлари кенг ёритилди. Хусусан, хорижий бизнес вакилларига давлат томонидан кўрсатиладиган кўмак, тақдим этиладиган солиқ имтиёзлари ҳамда қулай ишчи муҳитини яратиш бўйича бериладиган кафолатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот давомида тадбиркор ва фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олдилар.
Ушбу учрашув икки ҳудуд ўртасидаги аграр соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
