Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Маданий қадриятларни сақлаш ва реставрация қилиш масалаларини ўрганиш халқаро маркази (ICCROM) бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида ICCROM раҳбари Ўзбекистоннинг 2024 йилда ташкилотга аъзо бўлганидан мамнунлигини билдирди ҳамда республика билан ўзаро англашув меморандуми қисқа муддатда имзоланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу маданий мерос соҳасига қаратилаётган юқори эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигидан далолат беради.
Томонлар ICCROM томонидан Самарқанд вилоятида амалга оширилган тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан олиб борилаётган ҳамкорликни муҳокама қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросининг халқаро ҳамжамият учун аҳамияти алоҳида қайд этилди. Аруна Гужрал жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюриш нияти борлигини маълум қилди.
