Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Япониядаги хизмат сафари доирасида Точиги префектураси губернатори Томиказу Фукуда билан учрашди.
Самимий ва амалий руҳда ўтган мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томиказу Фукуда икки ҳудуд ўртасида бўлиб ўтган бизнес форумни юқори баҳолаб, ҳамкорлик учун муҳим қадам бўлганлигини билдирди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар юқори даражада давом этаётганлигини алоҳида таъкидлаб, Точиги префектураси билан алоқаларни фаоллаштиришга эътибор қаратди.
Точиги префектураси Япониянинг саноат ва аграр салоҳияти юқори бўлган ҳудудларидан бири сифатида автомобилсозлик, электроника, озиқ-овқат саноати, логистика, қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларида етакчи ўрин эгаллайди. Бу эса Фарғона вилояти учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда кенг имкониятлар яратади.
Учрашув давомида Фарғона вилоятининг инвестициявий салоҳияти, саноат зоналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва инсон капитали имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Япон томони Фарғонада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қулай бизнес муҳити ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитларга катта қизиқиш билдирди.
Автомобилсозлик ва саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, “ақлли” шаҳарлар ва рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик таклифлари билдирилди.
Шунингдек, икки ҳудуд ўртасида ишбилармон доиралар алоқаларини фаоллаштириш, биродарлик ўрнатиш, бизнес-форумлар ва учрашувларни мунтазам ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ва Точиги префектураси ўртасида узоқ муддатли ва барқарор шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Ишчи гуруҳлар тузилиб, аниқ лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш белгиланди. Точиги префектураси делегацияси Фарғонага таклиф қилинди.
Маълумот ўрнида: Точиги саноатлашган префектура ҳисобланиб, ЯҲМ таркибида ишлаб чиқариш соҳаси улуши бўйича мамлакатда 2-ўринда туради. Қулупунай етиштириш бўйича 50 йилдан ортиқ вақт давомида Японияда мутлақ 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Никко шаҳридаги ибодатхоналар ва зиёратгоҳлар комплекси ("Никко Тосё-гу") 1999 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
