Тошкент, Ўзбекистон — АҚШнинг Огайо штати жануби-ғарбида жойлашган Цинциннати шаҳрида ноқонуний кўча пойгаларида иштирок этганликда айбланаётган шахслар, жумладан Ўзбекистондан чиққан фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Манбалар маълумотига кўра, бир гуруҳ ёшлар дрифт билан шуғулланган ва Paycor стадиони ҳудудида хавфли автомобил трюкларини бажарган.
Воқеаларни кузатиш учун полиция дрондан фойдаланган. Бу эса чиқиш йўлларини ёпиш ва олти нафар шахсни қўлга олиш имконини берган.
Ушланганларга ҳудудга ноқонуний кириш бўйича айбловлар қўйилган. Иштирокчилардан бирига қўшимча равишда ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ёки уларда қатнашиш бўйича ҳам айблов эълон қилинган.
Суд ҳар бир айблов эпизоди бўйича 2500 АҚШ доллари миқдорида гаров белгилади.
Тергов доирасида полиция Audi, BMW, Ford Mustang ва Dodge Challenger русумли автомобилларни ҳам жарима майдонига эвакуация қилди.
