Тошкент, Ўзбекистон — 3 июнь куни транспорт вазири Илҳом Махкамов Афғонистон Савдо-саноат палатаси раиси Карим Ҳошимий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, юк ташиш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ҳамда транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Афғонистонга йўналтирилаётган ва Ўзбекистондан экспорт қилинаётган юкларни қабул қилиш ҳамда тушириш жараёнларини тезлаштириш, Хайратон ва Наибобод темир йўл станцияларида қўшимча омбор инфратузилмаси ва шаҳобча темир йўлларини барпо этиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Афғонистон транзит юкларини Ўзбекистон ҳудуди орқали ташиш ҳажмини ошириш, Хитой ҳамда Форс кўрфази портларидан келаётган юкларни мамлакатимиз орқали йўналтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар Афғонистон ҳудудида юклар сифатини баҳолаш лабораториялари сонини кўпайтириш ҳамда миллий ташувчилар учун амал қилаётган айрим йиғимларни мақбуллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунида Афғонистон томони кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
