Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ривожланиш ҳамкорлиги ва ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсе билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, миграция, таълим, инновациялар, фармацевтика, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокамаси давомида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, швед компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларидаги иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокамаси доирасида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни таъминлаш, меҳнат миграцияси учун янги имкониятлар яратиш, мигрантларга кўрсатиладиган консуллик хизматларини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича қуйидаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди:
– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швеция Қироллиги Ҳукумати ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим;
– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швеция Қироллиги Ҳукумати ўртасида қонуний миграция ва академик алмашувларни осонлаштиришга йўналтирилган миграция ва мобиллик пилот дастурини ташкил этиш тўғрисидаги Қўшма англашув декларацияси.
