in

Иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сони камаймоқда

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда норасмий бандликнинг ўзгариш тенденциялари таҳлил қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг сўнгги ҳисоботига кўра, бугун норасмий иқтисодиётда 2 миллиард одам ишламоқда. Жаҳонда иш билан банд аҳолининг 60 фоиздан ортиғи норасмий меҳнат билан банд. 

Шимолий ва Жанубий Америкада норасмий бандлик даражаси 40 фоиз бўлса, Жанубий Осиёдаги айрим мамлакатларда 80 фоизгача етади. Африкада норасмий бандлик улуши 86 фоизни ташкил қилади. Европа ва Марказий Осиё минтақасида бу кўрсаткич 25 фоизни, араб мамлакатларида қарийиб 70 фоизни ташкил этади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2024-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами банд аҳолининг 39 фоизи норасмий секторда фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатда 5,5 миллионга яқин киши норасмий секторда меҳнат қилаяпти. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг норасмий секторда бандлиги маълум даражада пасайди (2020-йил – 42,8 фоиз, 2023-йил – 39,0 фоиз), яъни норасмий бандлик охирги 4 йилда 3,8 фоизга ёки 0,2 млн. кишига камайган.

2023-йил якунларига кўра, норасмий бандликнинг энг юқори даражаси Наманган (50 фоиз), Сурхондарё ва Жиззах (49 фоиз), Қашқадарё (48,4 фоиз) вилоятларига тўғри келди.

Энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳри (10,9 фоиз) ва Навоий (21,8 фоиз) вилоятида ва нисбатан паст кўрсаткич Бухоро (32,3 фоиз) ва Тошкент (34,9 фоиз) вилоятларида кузатилди. 

Иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сони асосан вақтинчалик, бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар (94,4 минг киши) ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлмаган деҳқон хўжаликларида норасмий банд бўлганлар сонининг (141,2 минг киши) кескин қисқариши ҳисобига камайган.