in

Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Андижон, Тошкент вилоятлари изчил ривожланаётган ҳудудлар гуруҳидан жой олди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари ҳудудларнинг 2017-2023 йиллардаги иқтисодий фаоллик барометрини (ИФБ) баҳолади.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) нинг барқарор ўсиши (2017-2023 йилларда 1,4 баробарга ошди) билан тавсифланади. ЯИМнинг йилига ўртача 5,4 фоиз ўсишига асосан хизмат кўрсатиш (2,4 фоиз) ва саноат (1,5 фоиз) тармоқлари салмоқли ҳисса қўшди.

ИФБга кўра, мамлакатимизнинг 6 та ҳудуди (Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Андижон, Тошкент вилоятлари) изчил ривожланаётган ҳудудлар гуруҳидан жой олди (85 балл ≤ ИФБ ≤ 100 балл).

Маълумот учун: ИФБни баҳолашда ишлаб чиқариш, тадбиркорлик фаоллиги ҳамда ҳудудларнинг жозибадорлигини акс эттирувчи 3 та блок ва 13 та кўрсаткичдан фойдаланилади. 100 балли баҳолаш усули асосида ҳудудларнинг фаоллик даражаси юқори (85 балл ≤ ИФБ ≤ 100 балл), ўртача (71 ≤ ИФБ < 85 балл) ва паст (ИФБ < 71 балл) бўлган гуруҳларга ажратилади.

Ривожланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иқтисодий фаоллик асосан саноат (1,6 баробар), қурилиш (2,1 баробардан ортиқ), хизматлар (1,8-2,4 баробар), инвестицияларни жалб қилиш (1,9 баробар) каби соҳалардаги ўсиш ҳамда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари (КБС) сонининг (2,2 баробар) ортиши ҳисобига таъминланди. Бунинг натижасида мазкур ҳудудларнинг ЯИМдаги мавқеи мустаҳкамланди (ЯҲМнинг ЯИМдаги улуши 2017-йилдаги 25 фоиздан 2023-йилда 27,2 фоизга ошди); 

Ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Жиззах ва Хоразм вилоятларида эса саноат (ўсиш 1,6 баробардан ортиқ), қурилиш ва хизматлар (2 баробар), инвестицияларни жалб қилиш (3,5 баробардан ортиқ), товар ва хизматлар экспорти (2,4-3,3 баробар), рўйхатга олинган (2,4 баробар) ва янги ташкил этилган (2,6 баробардан ортиқ) КБСнинг ортиши иқтисодий тараққиётнинг асосий омили бўлди.

ИФБнинг 2 та кўрсаткичи (фаолият кўрсатмаётган ва ўз фаолиятини тўхтатган КБС сонининг кўпайиши) бўйича салбий тенденция қайд этилганига қарамай, Жиззах ва Хоразм вилоятларининг ривожланиш динамикаси етакчи позициялар бўйича жадал ўсиш кузатилган кўрсаткичларнинг кўплиги (мос равишда 8 та ва 10 та) билан аҳамиятлидир. Натижада ушбу ҳудудларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ кўрсаткичининг ЯИМ кўрсаткичига бироз яқинлашиши кузатилди. Масалан, ЯИМ ва Жиззах вилоятида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ўртасидаги фарқ 2017-йилдаги 1,8 баробардан (12-ўрин) 2023-йилда 1,3 баробарга (6-ўрин) камайди.

Шу билан бирга, ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини таъминлашда ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорлик фаолиятини яхшилаш масалаларини ҳал этиш давр талабига айланиб бормоқда. 
 

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида «драйвер» тармоқларни ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, 2030-йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар» қаторига кириш режалаштирилган. Ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:

– ҳудудларнинг ишлаб чиқариш фаоллигини оширишда – ҳар бир ҳудудда замонавий технологик саноат зоналарини ташкил этиш, саноат кооперациясини йўлга қўйган корхоналарни фаол рағбатлантириш тизимини жорий этиш, аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган шаҳар ва туманларда IT хизматлари, таълим, тиббий хизматлар, туризм хизматлари, меҳмонхона бошқаруви, овқатланиш ва транспорт хизматларини ривожлантириш;

– ҳудудлар жозибадорлигини оширишда – ҳудудларнинг инвестиция рейтингини жорий этиш, салоҳият ва имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг инвесторлар учун жозибадорлигини янада ошириш, кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантириш, халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш.

– ҳудудларда тадбиркорлик фаоллигини оширишда – тадбиркорларга «тайёр бизнес» шаклида бино бериш механизмини кенг жорий этиш, солиқ тизимини тўлиқ рақамлаштириш, соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш.

Telegram- !