in

ДХХ: жойларда ОТМларга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи, 1986 й.т. шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда, Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг АҚШ долларидан, жами 12 минг АҚШ доллари эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у 11700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1987 й.т. шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Урганч давлат университетининг факультет декани Гурлан туманида яшовчи, 1990 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини мазкур олий таълим муассасасига ўқишга киришда бўладиган ижодий имтиҳонлардан ўтказиб бериш эвазига 2600 АҚШ доллари ва 2,5 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг бўлим бошлиғи Боғот туманида яшовчи фуқарога танишлари ёрдамида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўқишга кириши учун йўлланма олиб бериш ва амалий имтиҳонда кўмаклашиш эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Telegram- !