Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Ташриф дастури доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикасининг “Олтин Қирон” (“Олтин бургут”) ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қардош мамлакатнинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Президент Қасим-Жомарт Тоқаев тантанали равишда топширди.
Давлатимиз раҳбари кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдириб, бундай юксак мукофот икки халқнинг кўп асрлик чинакам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга берилган баҳо, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларини янги тарихий босқич – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиқиш сари муштарак интилишларнинг эътирофи эканини таъкидлади.
“Олтин Қирон” олий ордени билан давлат арбоблари Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун тақдирланади.
in Ўзбекистон