Тошкент, Ўзбекистон — Самарқандда «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» Халқаро конгрессида дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлари, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш, сақлаш ва оммалаштиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, муҳокамалар ўтказишмоқда.
Бугун конгресс доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ва Ислом цивилизацияси марказининг бир қатор хорижлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган муҳим лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекхон Қуръонининг факсимил нусхасини яратиш ана шулардан бири.
Тақдимот доирасида Конгресс кун тартиби доирасида «Ўзбекистон билан боғлиқ Туркиядаги Қуръон қўлёзмаларининг илк нусхалари ва дурдоналари», Ўзбекистон фондларида Қуръоннинг иккита илк қўлёзмаси, Қуръоншуносликнинг янги йўналишлари: Ўзбекистонда қўлёзма мусҳафларни ўрганиш, Ўзбекистонда Қуръон нусхаларини излаш, ўрганиш ва кодологияси (8—21-асрлар), «Ўзбекхон Қуръонининг факсимил нусхасини яратиш» каби мавзулар юзасидан маърузалар тингланиб, янги ташаббуслар илгари сурилди.
Доктор Карим Ифрак, Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази лойиҳа директори:
–Ўзбекистонда Қуръони Каримнинг энг кўҳна ва нодир қўлёзмалари сақланади. Ҳазрати Усмон Мусҳафи ва милодий VIII асрда номаълум хаттот томонидан кўчирилган «Катта Лангар Қуръони» жуда ноёб нусхалардир.
Бундан ташқари Амир Темур давридаги Қуръони ҳам мавжуд. Уларнинг айрим сахифалари қисман Франция, қисман Америка ва
Қатар давлатлари музей ва кутубхоналарида сақланмоқда. Бугун конгрессда «114 Қуръон» лойиҳаси номли видеоролик намойиш этилиб, унда турли давлат музейларида сақланаётган Қуръон нусхаларини битта нашр остида бирлаштириш ва янги факсимель нусхани чоп этилиши маълум қилинди.
Бу жуда улуғ иш. Мен фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига Ислом динининг асл моҳиятини халқаро жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдираман. Президент бошчилигида бунёд этилаётган Халқаро Ислом цивилизацияси маркази келажакда тинчликни, илм-маърифатни қадрига етадиган халқлар учун ғурур ва ифтихор рамзи бўлади. Ушбу масалада бир таклифни илгари суряпманки, ана шу изланаётган ва факсимел нусхалари тайёрланаётган қадимий Қуръон саҳифаларининг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш. Бу барча қилинаётган ишлар, олиб борилаётган тадқиқотларни ягона бир манбада сақланишини ва барча учун танишиш имкониятини беради.