in

МДҲ мамлакатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг 24-йиғилиши ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон — 19 март куни Тожикистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг 24-йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ва МДҲга аъзо мамлакатлар Савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида МДҲ давлатлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, кўргазма-ярмарка ва конгресс фаолиятини такомиллаштириш, электрон савдони ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида жорий йилда ўтказиладиган халқаро кўргазмалар ва савдо-саноат тадбирлари рўйхати билан иштирокчиларни таништирди. Йиғилиш давомида 2025 йилда қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, Дилшод Расулов тадбир иштирокчиларини жорий йилнинг 28–29 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган МДҲ иштирокчи-давлатларининг биринчи ҳудудлар форуми доирасида Кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилишини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Йиғилиш якунида барча иштирокчилар ўзаро ишонч ва профессионал муносабатларни янада мустаҳкамлаб, ахборот алмашинувни янада фаоллаштиришга қатъий интилиш билдиришди.