Тошкент, Ўзбекистон — Рақобат қўмитасининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан «Башкирская содовая компания» (Россия) АЖнинг истеъмолчиларни чалғитиш ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилаётган қонунбузилиши бўйича қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мазкур ўтказилган ўрганишлар давомида, «MUSTANG LIDER FREE» МЧЖ томонидан «Пищевая сода» истеъмол содаси маҳсулотини қадоқланишида аввал фуқаролик муомаласига киритилган «Башкирская содовая компания» АЖнинг «Сода пищевая» маҳсулотининг қадоқланиши ташқи безатилиши ва шакли, ўрови ҳамда ранглар уйғунлигини такрорлаш ҳамда истеъмол содасини ишлаб чиқариш усули ва келиб чиқиши бўйича истеъмолчиларни чалғитишга олиб келиши орқали инсофсиз рақобатга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланди.
Юқоридагиларга мувофиқ, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.