in

Самарқанд вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади

Тошкент, Ўзбекистон — “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Самарқанд вилоятида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи манзилли дастур тасдиқланди, жумладан:

халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга ҳамда ички хўжаликлараро 298 км автомобиль йўллари ҳамда 15 та йўл ўтказгични қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

14 та туман (шаҳар)да 1 та подстанцияни таъмирлаш, 70 та трансформатор пунктини ўрнатиш, 137 км электр тармоқларини янгилаш;

ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилаш учун 14 та туманда 90 та сув иншооти, 242 км сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш.

2026 йил 1 июлдан Самарқандда: қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман (шаҳар) сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади;

сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида талабгорларга пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун белгиланган тартибда ҳар бир гектарига 12 млн сўмдан субсидия берилади.

2026 йил 1 январдан вилоятдаги қурилиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳалари қатъий равишда “яшил” тамойиллар ва энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар асосида амалга оширилади.

2026/2027 ўқув йилидан Каттақўрғон давлат педагогика институтида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда муҳандислик йўналишлари бўйича факультет ташкил этиш чоралари кўрилади.