Тошкент, Ўзбекистон — Бугун, 8 апрель куни “Термиз Халқаро савдо маркази”да “Made in Uzbekistan” кўргазма-ярмаркаси тантанали равишда очилди. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 60 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ўз нутқлари билан иштирок этди.
Кўргазмада тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат саноати, маиший кимё, фармацевтика ва қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун Афғонистон бозорига чиқиш, янги ҳамкорлар топиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузишда муҳим майдон ҳисобланади.
Кўргазма-ярмарка доирасида бизнес учрашувлар, тақдимотлар ва савдо музокаралари ҳам ташкил этилади. Афғонистон тадбиркорлари томонидан Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирилмоқда.