in

Эвроосиё Иқтисодий Комиссияси ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичи

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида Эвроосиё Иқтисодий Комиссияси (ЭИК) ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Эвроосиё Иқтисодий Комиссиясининг интеграция ва макроиқтисодий масалалар бўйича вазири Элдар Алишеров, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хуррам Тешабаев, шунингдек, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов иштирок этди. Йиғилиш давомида икки томонлама савдо ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда аграр ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Эвроосиё агроэкспресси лойиҳаси доирасида аграр ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун янги транспорт-логистика йўналишларини яратиш, савдо ҳажмини ошириш ва мавжуд транспорт муаммоларини ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, дори-дармонлар идентификациясини тан олиш бўйича ташаббус билдирилиб, бу орқали дори воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг турли мамлакатларда тан олиниши енгиллаштириш мақсад қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон ва ЭАЭС давлатлари ўртасида саноат ҳамкорлигини кучайтириш, қишлоқ хўжалигида инновацион ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Божхона транзити тизимини янгилаш орқали савдо жараёнларини енгиллаштириш ва тезлаштириш, ташувчилар учун "яшил йўлак" тизимини жорий қилиш масалалари ҳам йиғилиш кун тартибидан жой олди.

Ишчи гуруҳ аъзоси Шуҳрат Отажонов йиғилиш давомида аграр соҳадаги илғор тажрибаларни Ўзбекистонга жорий этиш ва "Эвроосиё агроэкспресси" лойиҳасини қўллаб-қувватлаш борасида ўз таклифларини билдирди. У шунингдек, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан биргаликда Шуҳрат Отажонов давлатимиз раҳбарининг Евроосиё Олий Иқтисодий Кенгашида билдирган таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дастурларни амалга оширишнинг аниқ ёналишлари ва механизмлари билан югилиш иштирокчиларини таништирди. Ушбу ташаббуслар Евроосиё Иқтисодий Кенгаши комиссияси томонидан жорий йилнинг май ойида кўриб чиқилиб, қабул қилиниши тўғрисида фикрлар билдирилди. Яна бир маълумот. 2025 йилда ЭАЭС ва Ўзбекистон ўртасида савдо ва логистика масалаларига бағишлан бизнес-мулоқот ўтказиш, 2026 йилда эса Ўзбекистонда ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилишини ташкил этиш режалаштирилган.

Йиғилиш Ўзбекистон ва Эвроосиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, янги лойиҳаларни амалга оширишга ва ўзаро савдо йўналишларини кенгайтиришга қаратилган муҳим тадбир бўлди. Бу каби ташаббуслар қишлоқ хўжалиги, саноат ва логистика соҳаларининг ривожига ҳисса қўшади ҳамда мавжуд тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.