Тошкент, Ўзбекистон — 17 ноябрь куни Тошкентда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг «DABS» компанияси бош директори Абдул Бори Умар бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда шунингдек, Ўзбекистон энергетика компаниялари раҳбарияти ва масъуллари иштирок этди.
Учрашувда жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида ҳамда куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқлари қўшни Афғонистон халқи фаровонлиги ва иқтисодиётининг ривожи ҳақидаги ташаббуслари икки давлат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бу борада Ўзбекистон-Афғонистон ўртасида энергетика соҳасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Афғонистон ҳудудида қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларининг жорий ҳолати ҳамда ушбу ишларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув сўнггида 2026 йил учун электр энергиясини етказиб бериш бўйича тегишли шартнома имзоланди.
