Тошкент, Ўзбекистон — 26 май куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Ҳутерер билан учрашиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Германия республикамизнинг Европадаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.
2025 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13,2 фоизга ўсиб, 1,4 миллиард долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистонда немис капитали иштирокида тузилган 233 та корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Мулоқот чоғида шу йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамда “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” форумининг якунлари сарҳисоб қилинди. Ушбу нуфузли тадбирлар икки мамлакат бизнес доиралари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиққани ҳамда истиқболли келишувларга замин яратгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилиши режалаштирилган юқори даражадаги икки томонлама учрашувларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтдилар. Ушбу тадбирлар давлатлараро муносабатларга ўзгача суръат бағишлаши шубҳасиздир.
Учрашув якунида барча эришилган келишувларни биргаликда ҳаётга татбиқ этиш, янги инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш ҳамда узоқ муддатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилди.
