in

Ўзбекистон ва Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги учун аквакултура маҳсулотлари ва биопрепаратларни биргаликда синовдан ўтказишга келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг SAVE Inc. компанияси раҳбари S.C. Jeon билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган аквакултура маҳсулотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказувчи нематодаларга қарши замонавий препаратларни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Мутахассислар ушбу маҳсулотларнинг самарадорлиги, уларни маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда амалиётга жорий этиш механизмлари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида мазкур маҳсулотларни республика ҳудудида амалий синовдан ўтказиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, SAVE Inc. компанияси раҳбари жорий йилнинг апрель ойи бошларида Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилди. Ташриф доирасида қўшма синов майдонларини ташкил этиш, янги технологияларни жорий қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини аниқлаб олиш кўзда тутилмоқда.

Шу куни Жанубий Кореянинг яна бир йирик компанияси — “Jinsan T&C Corp.” вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Музокаралар давомида компания ишлаб чиқараётган органик ўғитларни Ўзбекистон шароитида синов тариқасида қўллаш бўйича келишувга эришилди.