in

Ўзбекистон ва Италия фармацевтика ва саноат соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — “Lombardy Meets Samarkand: Investment Opportunities” халқаро тадбири доирасида, Promos Italia ва Regione Lombardia иштирокида Ўзбекистон ва Италия ўртасида саноат ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган тармоқлараро давра суҳбатлари ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими, Италия Халқаро савдо палатаси раҳбари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари, Италиянинг етакчи фармацевтика компаниялари вакиллари, шунингдек, энергетика ва саноат корхоналари эгалари ҳамда раҳбарлари иштирок этдилар.

Давра суҳбатлари давомида қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш, саноатни локализация қилиш ва замонавий технологияларни трансфер қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, фармацевтика, машинасозлик, кимё саноати ва энергетика каби истиқболли йўналишларда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир Ўзбекистон ва Италия компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди ҳамда келгусидаги инвестициявий ва технологик шерикликнинг амалий йўналишларини белгилаб берди.