in

Ўзбекистон ва Покистон саноат, инвестиция ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — 14-15 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов Ўзбекистон делегацияси таркибида Покистонга ишчи ташриф билан борди.

Ташриф доирасида саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг биринчи куни Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Ҳарун Ахтар Хон билан тор доирада учрашув бўлиб ўтди.

Шунингдек, Покистон Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги биносида қарийб 10 та тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ташкил этилди.

Шунингдек, чарм саноати бўйича тармоқ уюшмалари раҳбарлари ҳамда фармацевтика соҳасидаги етакчи компаниялар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

Ташриф давомида Покистон Миллий логистика компанияси (NLC) бош директори Шоғайб Аҳмад Хон билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда халқаро юк ташувларини ривожлантириш, шунингдек, Хунжероб довони орқали Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон транспорт йўналиши бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг иккинчи куни делегация Карачи портига ташриф буюриб, порт инфратузилмасидан транзит йўналишларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.