in

Ўзбекистон ва Туркия Отатурк университети билан ҳамкорликни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 7 апрель куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Туркия Республикасининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Ататурк университети ректори Доктор Аҳмет Ҳажимуфтуўғлу билан учрашув бўлиб ўтди.

Ататурк университети Туркиянинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири ҳисобланиб, тиббиёт, фармакология, генетика, биотехнология, клиник тадқиқотлар ҳамда ҳаёт фанлари соҳаларида юксак илмий салоҳиятга эга.

Замонавий илмий инфратузилма ва 90 минг нафардан ортиқ талабаси билан у мамлакатнинг энг йирик олий таълим муассасаларидан бири сифатида эътироф этилган.

Учрашув давомида Ататурк университети томонидан олий таълим, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият, жумладан, фармакология, генетика, биомедицина ва вакциналар соҳаларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.

Шунингдек, университет вакиллари халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ҳамда истиқболда қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.

Шу билан бирга, учрашувда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тизимидаги Фармацевтика техник университети, илмий-тадқиқот институтлари, биофармацевтика йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек клиник ва клиник олди тадқиқот инфратузилмасининг мавжуд имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Музокаралар якунида томонлар таълим, илм-фан, биотехнология, фармацевтика ва клиник тадқиқотлар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб, қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини илгари суриш ҳамда келгусида мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.