Тошкент, Ўзбекистон — Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Туркиянинг йирик компанияларидан бири ҳисобланган “Limak Holding” вакиллари билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг масъул вакиллари, шунингдек, “Limak Holding” компанияси вакиллари – Мутлу Уғур Акчай (“Лимак İнşаат” компанияси директори), Фатиҳ Тоноғлу (“Limak Inşaat” компанияси лойиҳа директори) ҳамда Дурсун Ўзсарч (“Dolsar Engineering” компанияси лойиҳа директори) иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва “Limak Holding” ўртасида ҳамкорлик истиқболлари, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳамда инвестиция ташаббуслари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар истиқболда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни таҳлил қилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан ўзаро мулоҳазалар билдирди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантириш юзасидан келгусида ҳам фаол мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
