in

Ўзбекистон ва Sojitz энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик сармоявий лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев “Sojitz Corporation” компаниясининг президенти ва бош ижрочи директори Косуке Уэмура билан учрашув ўтказди.

Sojitz Corporation — 2004 йилда ташкил этилган япон корпорацияси бўлиб, энергетика, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларига ихтисослашган. Компаниянинг умумий активлари 19,2 миллиард АҚШ долларини, ходимлар сони эса 25,3 минг кишини ташкил этади. 2024 йил июнь ойида компания Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очган, сентябрь ойида эса ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик “Йўл харитаси” имзоланган.

Учрашув давомида Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида кўп тармоқли шифохона, Сирдарё вилоятида 1 573 МВт қувватга эга парогаз электр станцияси, шунингдек, Навоий вилоятида 1 ГВт қувватли шамол электр станцияси қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар энергетика, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларидаги инвестициявий лойиҳалар портфелини кенгайтириш орқали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.