in

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Италия компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди

Тошкент, Ўзбекистон — “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” халқаро форуми доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан қатор муҳим учрашувлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Италиянинг йирик “Bonifiche Ferraresi” компанияси бош ижрочи директори Патрик Унгаро билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар мева-сабзавотчилик, хусусан помидор етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар.

Вазир ўз навбатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан барча зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини таъкидлаб, Жиззах ва Бухоро вилоятларида чорвачилик йўналишида ҳамкорлик қилиш учун салоҳиятли хўжаликлар мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек, вазир Италиянинг яна бир нуфузли “Unitec” компанияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқот давомида компаниянинг Ўзбекистонда бир қатор корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келаётгани, замонавий техника ва технологияларни етказиб беришда фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда компаниянинг 150 нафардан ортиқ юқори малакали муҳандислари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ишларда фаол қатнашаётгани қайд этилди.

Томонлар ўртасида инвестицион ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш мавжуд экани, шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Unitec” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда уни айнан форум доирасида имзолаш режалаштирилгани маълум қилинди.