Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти Қува туманида туркиялик инвестор иштирокида «Турон Турк» махсус саноат зонасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу ҳудудда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, инвесторлар турли йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни илгари суришда давом этмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Heyal Holding компанияси асосчиси Ваҳдеттин Хеял билан ўтказган музокаралари давомида парранда етиштириш ва қайта ишлаш, шунингдек агросаноат кооперативларини ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва лойиҳани амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни имзоладилар.
