in

Андижон ва Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Афғонистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, бугун вилоят раҳбари Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Мавлавий Атоуллоҳ Омари билан музокаралар олиб борди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати ҳамда қурилиш материаллари каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш ва янги бозорларни ўзлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Музокараларда, айниқса, Андижон вилоятидан  жўжа ва паранда гўшти, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистон бозорига кенг жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Афғонистондан гўшт маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда самарали логистика занжирларини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини таъкидладилар.