Тошкент, Ўзбекистон — Германиянинг машҳур брендлари Фарғонада янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни кўзда тутган амалий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора жадаллашиб бораётган бўлиб, унинг кўлами янада кенгаймоқда. Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари орасидаги энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкоридир. Бугунги кунда ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилиб, биргаликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур ташриф эса ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, Фарғонага германиялик инвесторларни жалб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Вилоят делегацияси дастлаб Франкфурт-Майн шаҳрида компаниялар, йирик банкларда бўлиб, учрашувлар ўтказди. “Engelbert Strauss” махсус кийимлар ва ҳимоя экипировкалари ишлаб чиқарувчи компаниядир.
Мазкур бренд дунёга машҳур бўлиб, маҳсулотлари ўз бозорига эга. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур компанияда бўлиб, Фарғонада ҳам ҳамкорликда корхона очиш борасида музокаралар олиб борди. Вилоят делегацияси Германияда энг муваффақиятли махсус кийимлар ишлаб чиқарувчи "Weitblick" компанияси фаолияти билан танишди.
Компания соҳаси меҳмонхоналар, ресторанлар, ҳунармандчилик, логистика, тиббиёт, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва фармацевтика каби соҳалар учун замонавий кийимларни ишлаб чиқаради. Бутун Европага, жумладан, Австрия, Нидерландия, Чехия ва Польшадаги мижозларга маҳсулот етказиб беради. Компания ўзининг логистикасига эга. Компаниянинг ишлаб чиқариш ва муҳандислик бўйича директори Уве Байер билан вилоятимизда махсус кийимлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар келишиб олинди.