in

«Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон — 2024 йил 5-6 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусида халқаро форум ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) бош директори С. Дунъюй, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган 32 та давлат, халқаро молия ташкилотларининг юқори вакиллари, илмий доиралар, хорижий экспертлар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этишди.

Ушбу форумни ташкил этишдан асосий мақсад, дунёдаги денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш, логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишдан иборат. Маълумки, дунё бўйича 32 та ривожланаётган давлатларда денгизга чиқиш имкони мавжуд эмас. Форум ушбу давлатлардаги юқорида келтирилган мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов, ФАО бош директори С. Дунъюй, БМТнинг энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Олий вакили Рабаб Фатима, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси IFAD президенти Алваро Лариолар иштирок этишди.

«Мен Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат (LLDC) сифатида қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тизимини ривожлантиришдаги ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. LLDC мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам аллақачон ҳудудий ёндашувдан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги салоҳиятини амалга оширишга қаратилган аниқ ташаббусда иштирок этмоқда. Бундан ташқари, очарчиликка барҳам бериш, қашшоқликни камайтириш ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш учун зарур ёрдамини кўрсатиш мақсадида ФАОнинг етакчи ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш асосида йўлга қўйилган», — дея таъкидлади Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори, Цюй Дунюй.

Куннинг иккинчи қисмида денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришнинг долзарблиги ва имкониятлари мавзусидаги юқори даражадаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. Шу билан бирга турли мавзуларда тематик сессиялар олиб борилди ва ушбу масалаларнинг ижобий ечимига йўналган бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Шунингдек, ФАО ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг агросаноат тизимини барқарор ислоҳ қилиш тўғрисидаги декларация қабул қилинди. 

Тадбир доирасида денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат йўналишидаги Инвестиция форуми ҳам ташкил этилди. Унда, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги инвестиция ва экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Форум давомида бўлиб ўтган “B2B” сессияларидан сўнг, ҳар томоннинг манфаатига хизмат қилувчи келишувга асосланган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Сўнг эса, форум иштирокчиларининг Тошкент шаҳар ва вилоятида жойланган йирик қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва улгуржи савдо бозорларига ташрифи амалга оширилди.

Таъкидлаш лозим, ушбу форум Ўзбекистонни жаҳоннинг бошқа минтақалари билан боғловчи транспорт йўналишларини ривожлантириш, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва тизимларининг ҳозирги ҳолати тўғрисида хабардорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги тараққиётга тўсқинлик қилаётган минтақавий ва глобал даражадаги асосий масалаларни ҳал этиш ва қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини савдоси ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги шартнома ва келишувларга эришишга имкон яратди.

Бу каби йирик лойиҳаларни давомли ва тизимли амалга ошириш, кўшни ва узоқ минтақадаги давлатлар билан истиқболли шартномаларга ихтисослашган узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги йўналишига оид янгидан-янги инвестицион келишувларни босқичма-босқич амалга ошириш соҳанинг янада тараққий этишида бирламчи омил бўлиб хизмат қилади.