Тошкент, Ўзбекистон —Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари дунё брокколи ва гулкарам бозоридаги бугунги ҳолатни ва Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги салоҳиятини ўрганди.
2023-йилда дунё гулкарам ва брокколи бозорининг ҳажми 1,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Сўнгги 5 йил ичида бозорнинг ўртача йиллик ўсиши 7,9 фоизни ташкил қилди.
Дунёда ушбу маҳсулотларни энг кўп импорт қилувчи мамлакатлар булар: Буюк Британия (2023-йилда дунё импортидаги улуши 17,1 фоиз),Канада (14,2 фоиз), Германия (8,6 фоиз), АҚШ (6,6 фоиз) ва Франция (4,8 фоиз).
Гулкарам ва брокколи янги мева ва сабзавотлар сегментида Ўзбекистоннинг энг тез ўсиб бораётган экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланади.
Охирги 3 йилда Ўзбекистондан гулкарам ва брокколи экспорти моддий кўринишда 2,8 баробарга, қиймати бўйича эса 3,8 баробарга (4,6 миллион доллардан 17,6 миллион АҚШ долларгача) ошди.
Ўзбекистондан гулкарам ва брокколи асосан учта давлат – Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга жўнатилади. Ушбу маҳсулотларнинг умумий экспорти ҳажмида мазкур учта мамлакат улуши 96 фоиздан ортади.
2023/2024-йилги экспорт мавсуми маълумотларини таҳлил қилиш асосида шуни айтиш мумкинки, БАА ҳозирги экспорт географиясидаги энг даромадли бозор бўлиб, у ерда нарх бутун экспорт ўртача нархидан 3 баравар юқори, аммо етказиб бериш умумий экспортнинг атиги 1,3 фоизини ташкил қилган.
Ушбу маҳсулотларни Ўзбекистондан экспорт қилишни кўпайтиришнинг истиқболли йўналишлари қаторида Ветнам, Мўғулистон бор. Сўнгги 5 йил ичида Мўғулистон гулкарам ва брокколи импортини қиймат жиҳатидан 14 баробар, Вьетнам 13,9 баробарга оширди.