in

Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига кириш янада жадаллашади

Тошкент, Ўзбекистон — “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги янада жадаллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мамлакатимизнинг халқаро иқтисодиётга тўлиқ интеграциясини таъминлаш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига изчил ўтказиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзолиги доирасида давлат иштирокидаги айрим йирик корхоналарнинг махсус (эксклюзив) ҳуқуқлари босқичма-босқич бекор қилинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ушбу ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича бош битимида аъзо давлатлар савдодаги тарифлар ва бошқа тўсиқларни сезиларли даражада камайтириши лозимлиги таъкидланган.

Қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда. Яъни, қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялаш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси қора ва рангли металл ломи ҳамда чиқиндилари, табиий газ савдоси соҳасига хусусий сектор ва инновацияни жалб қилиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга қаратилган.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.