in

Инсофсиз рақобат ҳолатлари юзасидан “Ahangaron Hygienic Pro” МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси кўрилди

Тошкент, Ўзбекистон — Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига хорижий корхона OOO “МАМА ЗНАЕТ” томонидан мурожаат қилинган. Унда жамиятга тегишли бўлган “МАМА ЗНАЕТ” товар белгисидан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖ томонидан “МАМА ЛЮБИТ” кўринишида ишлатилгани баён этилган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида, ушбу товар белгиларининг адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги фуқароларни чалғитаётгани, шу билан бирга, корхонанинг “МАМА ЗНАЕТ” товар белгисига бўлган ҳуқуқини бузилишига олиб келаётгани таъкидланган. Бу билан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабини бузган деб топилди.

Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори талаблари бузилиш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.