in

Микро ГЭС қуришда тадбиркорларга қандай имкониятлар яратилган

Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Бу борада, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан гидроэнергетик салоҳияти мавжуд ҳудудларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги ГЭСларни қуриш жараёнлари юқори суръатларда амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан тасдиқланган режавий асосда қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш, ушбу жараёнга истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш ҳамда самарали ўзлаштириш, янги гидроэнергетик объектларни эксплуатацияга топшириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.

Бугун, 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жамият томонидан «Долзарб мавзу: микро ГЭСлар ва уларнинг самарадорлиги» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Жамият Бошқаруви раҳбарияти, Ижро аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, масъул мутахассислар, телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Глобал иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик шароитида Марказий Осиё давлатларидан оқиб ўтувчи дарёларда сув ҳажмларининг пасайиши кузатилиши катта ва ўрта ГЭСларни тўлиқ қувватларда ишлашини чекламоқда. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган экологик тоза электр энергияси ҳажмларига салбий таъсирини ўтказмоқда. Электр энергияси ҳажмларида юзага келадиган тафовутни қоплашда кичик сув босими ва харажатида ишловчи микро ГЭСлар муҳим аҳамият касб этади.

Микро ГЭС – жуда оз миқдордаги ресурслар эвазига атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатмайдиган электр энергиясини ишлаб чиқиш технологиясидир. Ўрнатилган қувватидан келиб чиқиб бир-нечта хонадон, кичик цех ёки маҳалланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга етарли бўлади (қувватига кўра янада кўпроқ электр энергия ишлаб чиқариши мумкин).

Микро ГЭСнинг ишлаш принципи:

Ҳар қандай микро ГЭС ишлашининг асосий омили бу – гидростатик босим ҳамда сув сарфидир. Гидростатик босим – бу ГЭСга келувчи сув сатҳининг турбина ишчи ғилдираги маркази сатҳидан баландлиги билан ўлчанади. Сув сарфи эса турбинага секундига қанча кубометр сув узатилиши кўрсаткичидир. Гидростатик босим сув оқимини шаршара каби кескин пастга йўналтиришга имкон беради. Бунда сув турбина валини юқори тезлик билан айлантириб беради ва генератор валига узатилади ҳамда бунинг натижасида генератор ток ишлаб чиқаради.

Республикамизда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини, шу жумладан микро ва кичик ГЭСларни кенг жорий этиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-220-сон Фармони билан юртимизда хусусий инвесторларга қуввати 5 МВтгача бўлган микро ва кичик гидроэлектр станцияларни қуриш лойиҳалари рўйхати ва улардан фойдаланиш бўйича янги механизм жорий этилди.

Шунга асосан, қатор аукцион савдолари ўтказилиб, ғолиблар аниқланди ҳамда микро ва кичик ГЭСларни қуриш бўйича амалий ишлар бошланди.

Бу борада, республика ҳудудлари бўйлаб микро ва кичик ГЭСларни қуриш мумкин бўлган салоҳиятли майдонлар аниқланди. Хусусий сектор иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган 200 та микро ГЭС лойиҳасининг рўйхати шакллантирилди ҳамда амалий ишлар бошлаб юборилди. Фармонга асосан, микро ва кичик ГЭСларни қуришда тадбикорларни кенг жалб этиш борасида Жамият раҳбарлигидаги тегишли ишчи гуруҳ томонидан режа асосида Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кенг тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Шунингдек, хусусий сектор вакиллари томонидан кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш учун барча ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар яратиб берилди. 

Хусусан, юқоридаги Фармон ижроси доирасида кичик ва микро ГЭСларни қуриш истагидаги тадбиркорларга ерларни 20 йил муддатга ижарага бериш, улар ишлаб чиқарган электр қувватини давлат томонидан кафолатли сотиб олиш тизими жорий қилинди.

Тадбиркор аукциондан микроГЭС лойиҳасини ютиб олиб, лойиҳани ишга туширишга қадар бўлган даврда амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб берилди. 

Шунингдек, тадбиркорлар белгиланган тариф бўйича ишлаб чиқарилган электр энергияси истеъмолидан ортган қисмини давлатга кафолатли тарзда 1 350 сўмдан сотиши мумкин. Бу Жамият тасарруфидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқилган электр энергияси таннархига нисбатан қарийб 3 (2,7) баробар қимматга сотиш имкониятини беради.

Бугунги кунгача хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган 60 га яқин микро ва кичик ГЭСларни қуриш лойиҳалари бўйича ташаббускорлар аукцион савдолари орқали аниқланган. Ҳозирда Ўзбекгидроэнерго ва тадбиркорлар иштирокида 30 га яқин объектларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда ва қолган объектларда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан умумий қуввати 12,5 МВт бўлган 22 та микро ва кичик ГЭС лойиҳалари ишга тушурилди, Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қуввати 9,5 МВт бўлган 9 та лойиҳа “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ишга туширилди, йил якунига қадар яна умумий қуввати 15 МВт бўлган 10 та микроГЭС лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, микро ва кичик ГЭС лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш ва хусусий сектор вакилларига тушунтириб бериш мақсадида Жамиятимиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар учун ҳар хил турдаги замонавий ва ресурс тежамкор гидроагрегатлардан (Фрэнсис, Каплан, С турбина, битта генератор – иккита турбина) фойдаланишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Мазкур агрегатларнинг турбина қисми тизим ташкилоти “Сувсаноатмаш” АЖда ишлаб чиқарилмоқда. 

Шунингдек, жаҳонда ўхшаши (аналоги) бўлмаган сув юзида сузиб турувчи кинетик турбинали микроГЭС лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Ҳиндистоннинг “MACLEC Technical Project Laboratory Pvt Ltd” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 
Кинетик турбинали ГЭС янги ГЭС тури ҳисобланиб, юқори қувватли бундан инновацион агрегатлар дунёда биринчи бўлиб

Ўзбекистонда амалга оширилмоқда. Мазкур агрегатни ишлаш принципини ишлаб чиққан ва патентлаштирган ҳамкоримиз “MACLEC” компанияси мутахассислари иштирокида агрегатларни ўрнатиш мумкин бўлган сув оқимларини ўрганиш мақсадида республикамиздаги бир нечта каналларда изланиш ишлари олиб борилди ва биринчи навбатда “пилот лойиҳа”ни ишга тушириш ва агрегатни синовдан ўтказиш учун Андижон вилоятидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой канали танлаб олиниб, ҳар бирининг қувват 400 кВтдан бўлган 2 та агрегатлар моделлаштирилди.

“MACLEC” компанияси мутахассислари иштирокида гидроагрегатларнинг механик қисмлари “Сувсаноатмаш” АЖда маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилди ва объектга олиб борилиб монтаж қилинди. Электр-техник ва автоматика қисмлари Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилди ва Ўзбекистонга олиб келинди. 2024 йилнинг июнь ойида агрегатларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишларини бажариш ҳамда июль ойида бир нечта босқичли синовлардан ўтказиш режалаштирилган. 
Мазкур лойиҳани ишга тушириш ва синовдан ўтказиш, мамлакатимиз иқлими шароитида агрегатларни ишлаш принципларини текшириш ва синовлардан муваффақиятли ўтгандан сўнг республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шу турдаги агрегатлар ишга туширилади. 

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида қуввати 40 МВтгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган “UGE-JINLUN” МЧЖ ҚК ишга туширилди. Мазкур завод ишга туширилиши натижасида кичик ва микро ГЭСларнинг тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Натижада лойиҳаларнинг қиймати маълум даражада қисқаришига (харажатларнинг иқтисод қилинишига) эришилиб, хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг жозибадорлиги ортиб боради ва замонавий энергия манбалари яратилишига эришилади.

Айтиш жоизки, гидроэнергетика соҳасининг ривожи мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш баробарида, янги қурилаётган ГЭСлар жойлашган ҳудудларнинг аҳолиси турмуши фаровонлигининг ошишига, хонадонларининг янада обод ва нурафшон бўлишига хизмат қилади.

Жамият мутахассислари томонидан матбуот анжумани иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар ва тушунтиришлар берилди.

Telegram- !