Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 14 март куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ташриф буюрди. Бу ерда томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари, 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, банклар ва маҳаллалар вакиллари қатнашди. Давлатимиз раҳбари одамлар яхши яшашга интилаётгани, уларга маблағ ва кўмак бериб, даромад манбаи яратиш зарурлигини таъкидлади.
– Тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта маблағлар ажратаяпмиз. “Маҳалладаги еттилик”ни нима учун ташкил қилдик, камбағалликдан чиқариш тизимини нимага хонадонгача олиб бордик? Мақсадимиз – томорқани ишлатиб, хонадонда ишлаб чиқариш қилиб, кўчада хизматларни кўпайтириб, ҳар сотихдан 1-2 миллион сўм даромад топишга ўргатиш, – деди давлатимиз раҳбари.
Лекин Сайхунободда натижалар бундай эмас. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инвестициянинг тумандаги тизими етарлича ишламаяпти, тадбиркорлик ўсмаяпти.
Шу боис Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва бошқа бир қатор раҳбарлар вазифасидан озод қилинди.
Йиғилишда Сайхунобод тумани мисолида ҳудудлардаги муаммолар ва фойдаланилмаётган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, давлат томонидан банкларга катта ресурс ажратилаяпти. Ўтган йили маҳалладаги тадбиркорлик учун Сайхунободга 120 миллиард сўм берилган. Туман тадбиркорлари ўтган йил солиқдан 85 миллиард сўмлик имтиёз олган.
Лекин, бунинг самараси шунга яраша эмас. Хусусий секторда яратилган расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайган. 2023 йилда туманда 167 та янги тадбиркор пайдо бўлган бўлса, шуни ярми ҳали иш бошламаган.
Банклар фақат қайтимни ўйлаб, осон йўл билан ресурсларни доимий мижозига бераяпти. “Мен ҳам тадбиркор бўлай, маҳаллада иш ўрни яратай”, деган оддий одамлар четда қолиб кетаяпти. Камбағалликни йўқотиш учун уларга тайёр лойиҳа берилмаяпти.
Ўтган йили Сайхунободда саноат ҳажми ҳам ўсмаган. 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқ. Тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот сотилмай турибди. Хомашё тайёрлаш, борини қайта ишлаш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш ва кооперация қилиш бўйича ташаббуслар йўқ.
Туманнинг энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам – ер. Сайхунобод аҳоли томорқаси 20 сотихдан ортиқ бўлган 26 та тумандан бири. Томорқаларда асосий экин беда билан макка бўлиб қолган. Сархил мева-сабзавотлар етиштириб, даромад олиш, экспорт қилиш йўлга қўйилмаган.
Сайхунободнинг 19 километр ҳудудидан “Сирдарё” оқиб ўтгани учун “сув текин” деган тушунча ўрнашиб қолган. Атиги 22 фоиз ерларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Шоличилик фермер хўжаликлари лазерли текисланмаган. Каналларни бетонлаш режаси тўлиқ бажарилмагани оқибатида 9 та маҳалладаги 5 минг гектар ерга сув кам бораяпти.
Йиғилишда бу муаммоларни ҳал этиш ва ишсизликни камайтириш чоралари муҳокама қилинди.
Аввало, Сайхунободдаги 17 мингта хонадондаги томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун банклар ҳоким ёрдамчилари билан бирга 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, “драйвер” йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади.
Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди. Эндиликда ҳоким ёрдамчилари “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Бу тажриба бутун республикада оммалаштирилади.
Томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш ҳам муҳим масала. Шу мақсадда туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимьян уруғларини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади.
Бундан ташқари, маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади.
Тумандаги 19 та маҳалланинг ҳар бирида 10 тадан хонадонда намунавий интенсив боғ яратилади. Кооперация асосида уларга эскпортчилар боғланиб, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади. Ҳар бир намунавий хонадон эса келгусида қўни-қўшниларини ҳам бунга ўргатади. Бунинг учун ҳоким – боғ эгаси – банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.
Мебель корхоналари учун терак етиштириш имконияти ҳам бор. Шу боис тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади.
Сайхунободда саноат усулида йилига атиги 60 минг парранда етиштираяпти. Бу жуда кам. Шу боис 4 та йирик паррандачилик фермаси ташкил этилиб, 2 мингта хонадон билан кооперация йўлга қўйилади. Натижада хонадонларда йилига 10 миллион парранда боқилиб, қўшимча 22 минг тонна парранда гўшти етиштириш мумкин бўлади.
Шунингдек, Сирдарё оқиб ўтадиган маҳаллаларда сунъий ҳавзалар қуриб, балиқ етиштиришни кўпайтириш, томорқаларга уя тарқатиб, асал экспортини йўлга қўйиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Чорвасини кўпайтириш истагидаги оилаларга 400 гектар ер озуқа учун берилади. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида қорамол, қўй ва эчки олиш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит гаровсиз, нақд пулда берилади. Бу орқали тумандаги 1,5 минг хонадонга чорвани кўпайтириш учун шароит яратилади. Бундай маҳаллаларда сутни йиғиш шохобчалари ишга туширилади.
Хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилишга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда туманда тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилашга 60 миллиард сўм берилади. Бўш турган 21 та иншоотга инвесторлар жалб қилиниб, фойдаланишга киритилади. “Фаровон” маҳалласида 35 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, камида 100 миллион долларлик саноат лойиҳалари бошланади.
Давлатимиз раҳбари Сайхунободда ўтган йили бирорта кўп қаватли уй қурилмаганига тўхталиб, бу бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.
Умуман, бу тизим орқали Сайхунободдаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон қамраб олиниши таъкидланди. Мутасаддиларга ушбу янги тизимни республиканинг барча 9 минг 452 та маҳалласида йўлга қўйиш топширилди.
– Бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш йили бўлади. Бунинг учун жойлардаги мутасаддилар фидойилик билан ишлаб, ҳаммани уйғотиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс вакиллари, маҳалла раисларининг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.
in Иқтисод