in

Президент Қуюв-механика заводининг салоҳияти билан танишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳридаги Қуюв-механика заводига ташриф буюрди.
Қирқ гектардан зиёд гектар майдонли бу завод бир пайтлар тўлиқ ишламай, паст рентабелли бўлиб қолган эди. Шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилиб, 2013 йилда модернизация қилинди. Сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш жадал кенгайиб, унинг иқтисодий самарадорлиги янада ошди. 
Бугун мажмуа йилига 1 минг 200 та юк вагони ишлаб чиқариш ва 1 минг 500 тасини таъмирлаш қувватига эга барқарор корхона.
Вагонлар таркиби ҳам талабгир. Жумладан, ярим очиқ, усти ёпиқ, узун базали ҳамда дон, цемент, менерал ўғит ташишга мўлжалланган 6 турдаги юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. 
Металл қуйиш оғир саноатнинг энг муҳим тармоғи, таъбир жоиз бўлса, “юраги” ҳисобланади. Бу ерда 120 миллион доллар ҳисобига қуюв цехи барпо этилган. У йилига 26 минг тонна маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу ерда темир йўллар эксплуатацияси ва ҳаракат таркибида ишлатиладиган барча турдаги эҳтиёт қисмлар қуйилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу маҳсулотларни кўздан кечирди.
– Бугунги кундаги энг катта мақсадимиз – кўпроқ иш ўринлари яратиш. Масалан, бу йил мамлакатимизда 100 мингта уй қурмоқчимиз. Улар қачон одамларга маъқул бўлади? Ёнида иш ўрни билан бўлса. Шунинг учун, худди томорқаларда бўлаётганидек, кўп қаватли уйлар бўйича ҳам маҳаллаларда иқтисодий лойиҳалар қилинади. Қайси хонадонда ишсиз бўлса, бандлигига кўмаклашилади. Бунда мана шундай заводлар муҳим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис мажмуада шаҳарсозлик, коммунал ва бошқа тармоқлар учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бу имкониятлар билан тадбиркорларни таништириб, буюртмаларни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, турдош тармоқларда ҳам иш ўринлари очилишига туртки беради.
Заводда юк вагонлари қуриш, механика йиғув, ғилдирак йиғув, қуюв, таъмирлаш, темирчилик ва пресслаш, тайёрлов ва комплектлаш каби 26 та цех бор. Президентимиз мажмуа бўйлаб юриб, улардаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Корхонада 2018-2023 йилларда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 100 га яқин турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 2023 йилда жами 267 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, 10 миллион долларлик 170 та вагон ва эҳтиёт қисмлар экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 15 миллион долларга етказиш бўйича шартномалар имзоланган.
Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 50001 энергетика менежменти тизими жорий этилган.