in

Тошкентда Туркиянинг Ўзбекистонга инвестиция киритиши муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — 13 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов раислигида Туркия Республикасининг 20 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Учрашувнинг асосий мақсади Туркия инвесторларининг Ўзбекистондаги фаолияти жараёнида юзага келаётган масалаларни муҳокама қилиш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбирда Anadolu, Albayrak, Ziraat Bank, Cengiz, Çalık, Aksa, Eczacıbaşı Esan, OSTIM ва Nobel каби йирик турк компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Қайд этилишича, давлат ва бизнес ўртасидаги бундай очиқ мулоқот формати дунёнинг фақат айрим мамлакатларида қўлланилади.

Учрашув давомида турк компанияларининг амалий фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар, жумладан маҳсулотларни маркировкалаш, дебитор қарздорлик, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди ва чоралар белгиланди.

Шунингдек, турк тадбиркорлари банк-молия соҳаси, қурилиш, энергетика, кадрлар тайёрлаш, фармацевтика ҳамда саноат зоналарини ривожлантириш масалалари юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Учрашув якунида кўтарилган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича масъул шахслар белгиланди ҳамда тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Сўнгги беш йил давомида ўзаро савдо ҳажми 2020 йилдаги 2,5 млрд доллардан 3 млрд долларга етди. Қўшма корхоналар сони 3,5 баробарга ошиб, 2020 йилдаги 613 тадан 2 149 тага етди. Туркия инвестицияларини ўзлаштириш ҳажми 4,5 баробарга ошиб, 2025 йилда 3,1 млрд долларни ташкил этди. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига қарийб 100 та авиақатнов амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда энергетика, геология, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда турк инвестициялари иштирокида умумий қиймати қарийб 10 млрд долларга тенг қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.