in

Тошкентда «Ўзбекистон – Чехия» бизнес-форуми ўтказилади

Тошкент, Ўзбекистон — 29 апрель куни Тошкент шаҳрида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон – Чехия» бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Тадбир икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, амалий тажриба алмашиш, долзарб вазифаларни муҳокама қилиш ҳамда узоқ муддатли, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини шакллантириш учун самарали майдон вазифасини бажаради.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Чехиянинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти тақдим этилади. Унда иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ёритилади. Айниқса, қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Қатнашчилар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, бизнес ва давлат тузилмалари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмлари, шунингдек қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича амалий қадамларни муҳокама қиладилар.